24 март куни Тошкент инвестиция форуми доирасида 2022-2026-йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида белгилаб берилган Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш ва янгилашнинг устувор йўналишлари ҳамда асосий вазифалардан бири бўлган «Савдони эркинлаштириш ва иқтисодий интеграция» мавзусидаги панел муҳокамаси бўлиб ўтди.
Бирламчи мақсад — савдони эркинлаштириш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишдан иборат бўлиб, бу пировардида Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги мавқеини мустаҳкамлаш, шунингдек, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва халқ фаровонлигини янада оширишни таъминлайди.
Модератор сифатида ХМК янги бозорларни яратиш бўйича маслаҳат дастурлари катта менежери Даҳлиа Халифа иштирок этди.
Сўзга чиққан спикерлар:
Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари;
Галина Саидова, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари;
Бадриддин Абидов, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари;
Сянгчен Чжан, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори ўринбосари;
Штефан Фюле, 2010-2014 йиллардаги кенгайиш ва қўшничилик сиёсати бўйича Европа комиссари:
– Ҳар бир ислоҳот ортида пухта ўйланган ҳаракатлар дастури бор, – деди Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафаев. – 2016 йилдан буён Ўзбекистонда чуқур кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, бунинг натижасида мамлакатимиз янада очиқ бўлди, яқин ва узоқ хориж давлатлари билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди, яқин мулоқот йўлга қўйилди. Янги Ўзбекистон яқин халқаро ҳамкорлик сиёсатини, жумладан, Хитой, Туркия, АҚШ ва бошқа давлатлар билан савдо-сотиқ соҳасида шакллантирмоқда.
Ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, жумладан, эркин жамият, адолат, қонун устуворлиги, демократлаштириш ва либерал бозор иқтисодиётини барпо этиш кабилар қайд этилди. Шунингдек иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги ўрни мустаҳкамланишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова сўзга чиқди:
– Маълумки, биз валюта бозорини тез ва самарали либераллаштиришни амалга оширдик. Бу ташқи бозорни ривожлантириш учун ҳам энг кучли ва самарали воситадир. Натижада ташқи иқтисодий бизнес иштирокчилари сони икки баробар ошди. Экспорт 1,4 баробар, импорт эса 2 баробар ошди. Энди АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатлар бозорлари биз учун очилди. Бошқача айтганда, ташқи савдо соҳасида кўплаб ютуқларга эришдик.
– Биз, биринчи навбатда, қўшилган қиймат занжирларини яратиш механизмини жорий қилмоқдамиз. Пахта экспортидан 800 миллион доллардан 1 миллиард долларгача даромад олдик. Энди биз бундан амалда воз кечдик, шу кунгача фақатгина тўқимачилик маҳсулотларининг ўзидан 3 миллиард долларлик экспорт қилдик. Аммо, шунга қарамай бозорни эркинлаштириш ва юқори маошли иш ўринларини сақлаб қолиш ўртасида мувозанатни сақлаш зарур. Бу муаммони ҳал қилиш орқали биз либераллаштиришнинг кейинги босқичига сакраш имкониятига эга бўламиз», – дея хулоса қилди Галина Саидова.
Жаҳон савдо ташкилоти бош директори ўринбосари Сянчжен Чжан савдо муносабатларини мустаҳкамлаш ва эркинлаштиришнинг асосий омилларини санаб ўтди. Улар орасида – замонавийлик тенденциялари билан ҳамнафас бўлиш, тезкорлик билан олға интилиш, либераллаштиришни идоравий ислоҳотлар билан уйғунлаштириш, салоҳиятни ошириш – бу йўналишда муваффақиятга эришган мамлакатларнинг билим ва тажрибаси. Пандемия оқибатларига қарамай, савдо алоқалари ва иқтисодиётни сақлаб қолиш мамлакатнинг устувор вазифалари бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Шу вақт ичида маҳаллий тадбиркорларга катта кўмак кўрсатилди ва ҳозирда уларнинг барқарор ўсиб бораётганини кўриб турибмиз. 2020 йилда пандемия туфайли Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги масаласи тўхтаб қолганди, бироқ биз бу йўналишдаги ишларни давом эттирмоқдамиз. Кириш учун 30 дан ортиқ ҳужжатлар аллақачон топширилган. Ҳозир биз бор эътиборимизни ЖСТнинг барча стандарт ва меъёрларига эришишга қаратмоқдамиз», — деди Жаҳон савдо ташкилоти бош директори ўринбосари Сянчен Чжан.
2010-2014 йилларда кенгайиш ва қўшничилик сиёсати бўйича Европа комиссари Штефан Фюле ўз нутқи давомида Ўзбекистонни жаҳон савдосига кенг интеграциялашувида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
– Ишончим комилки, ҳозир шундай кенг кўламли халқаро форумни ўтказиш учун энг қулай вақт, – деди Штефан Фюле. – Мамлакат раҳбарияти жиддий ислоҳотларга қандай «яшил чироқ» ёқаётганини, Ўзбекистон инвестиция учун жозибадор минтақага айланганини кўриб турибмиз. Ислоҳотлар қанча кўп бўлса, мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитига, демак, савдога шунчалик яхши таъсир қилади.
Мамлакатларнинг минтақавий ва жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари товарлари учун катта бозорни шакллантиришга олиб келади, юқори қўшимча қийматга эга бўлган чуқур қайта ишланадиган маҳсулотларни олиш имконини беради. Бу мамлакатларга учинчи давлатлар бозорларига биргаликда чиқиш, ишлаб чиқаришда, ташқи савдода таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, илғор технологиялар ва энг янги технологияларга ўтиш имконини беради.
2022-2026-йилларда янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига мувофиқ бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш, жумладан, Ўзбекистон аъзолигининг Жаҳон савдо ташкилотига таъсирини ўрганиш, унинг келишув талабларини тартибга солиш нормаларини жорий этиш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Ҳар қандай давлатнинг интеграция жараёнидаги устувор йўналишлари кучли саноат-инновацион базани яратиш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигига эришишдан иборат.