Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтган “Марказий Осиёда савдо оқимларининг трансформацияси ва капиталлашуви” сессияси иштирокчилари бугунги кунда транспорт инфратузилмасини яхшилаш борасида сўз юритишди, хусусан, товар етказиб беришда кечикишлар камаяётгани ва ортиқча тўсиқлар бартараф этилаётгани иқтисодий кўрсаткичларга ижобий таъсир қилаётганини таъкидлашди.
Президентнинг иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва ташқи савдо сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов сессияда сўнгги йилларда мамлакатимизда қўшни давлатларнинг қатор компаниялари фаол равишда очилаётганини қайд этди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, туризм соҳасида ҳам инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Тошкент халқаро форумида президент Шавкат Мирзиёев ҳам гапирди. Айтилишича, келгуси беш йил ичида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмини эса 30 миллиард долларга етказиш кутилмоқда. Бундан ташқари, ялпи ички маҳсулотда хусусий секторнинг улуши 80 фоизга етказилади. Мақсад – 2030 йилга бориб Ўзбекистонни дунёдаги энг юқори даромадли давлатлар қаторига киритиш.
VEON компаниялар гуруҳи бош ижрочи директори Каан Терзиўғлу мамлакат ривожида рақамлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистонда ахборот технологияларини жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш салоҳияти мавжуд, чунки рақамли технологиялар кўплаб соҳалар: иқтисодиёт, таълим ва ижтимоий соҳа учун зарур. Каан Терзиўғлу Марказий Осиё мамлакатларида 5G тармоғи фаолиятини кенгайтириш зарурлигини гапириб ўтди.
Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидовнинг айтишича, ўтган йили Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус имтиёзлар тизими (GSP+) кучга кирганини, бунда Ўзбекистон бенефициар давлат сифатида қабул қилингани ҳақида хабар берди. Бу тизим, биринчи навбатда, Европа Иттифоқи мамлакатлари инвесторлари ва хусусий сектор вакилларига Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди.
Шу билан бирга, транспорт тизимини модернизация қилиш орқали Марказий Осиё мамлакатлари савдо айланмаси ошиши, шунингдек, транспорт-логистика соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш ҳисобига янги рақобатдош устунликларга эга бўлиши мумкин.
Инвестициялар бўйича давлат вазири, Покистон бош вазири ҳузуридаги Инвестиция кенгаши раиси Муҳаммад Азфар Аҳсан Ўзбекистон халқаро инвесторлар учун ўз эшикларини очаётганини таъкидлади. Ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистонда Покистоннинг 25та фирмаси фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, ҳамкорлик натижасида денгиз портларига чиқиш орқали транспорт йўлакларини ривожлантириш ва халқаро миқёсда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқиш ортмоқда.
Минтақавий интеграция, айниқса, Марказий Осиё давлатларининг транспорт-транзит салоҳиятини оширади, шунингдек, ягона бозор сифатида унинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
“Савдо-логистика марказлари орқали логистикани ташкил қилиш керак”, – деди Kyrgyz Eco LLC – «Кыргыз Эко Экспорт» бош директори Улан Максимбеков. “Кўп нарса товарларнинг нархига боғлиқ ва бу, ўз навбатида, яхши йўлга қўйилган транспорт инфратузилмасига бориб тақалади. Дунёда рўй бераётган сўнгги воқеалар иқтисодий ҳамкорликда ҳам ўзгаришларга олиб келади, – деди маърузачи. Йўлларни қисқартирсак, ривожланиш учун янги шароит яратамиз”.
Халқаро миқёсда муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалардан бири Хитойнинг Марказий Осиё транзит салоҳиятидан бевосита фойдаланадиган “Бир макон, бир йўл” ташаббуси бўлди. Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон савдонинг муҳим йўналишига айланиши мумкин.
Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Канатбек Абдраҳманов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги тарихий ҳамкорлик ҳақида гапирди. Унинг айтишича, қўшни давлатлар транспорт-логистика тизимини ривожлантириш салоҳиятига эга. Вазир ўринбосари Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Европа Иттифоқи давлатлари билан транспорт йўлакларини ташкил этиш истиқболларини ҳам қайд этди. У давом этаётган халқаро форум соҳанинг долзарб масалаларини юзма-юз муҳокама қилиш учун қулай имконият эканини, ташқи иқтисодиётни ривожлантириш учун яратилган янги шарт-шароитлар икки мамлакат аҳолиси учун иш ўринлари яратишини таъкидлади.
Procter & Gamble компаниясининг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича бош директори Дегер Куртасланўғлу компания тажрибаси ҳақида гапирди. Бундан ташқари, эксперт Ўзбекистон бугунги кунда халқаро компаниялар томонидан сармоя киритилиши учун қулай муҳитга эга эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, тадбир давомида Марказий Осиё мамлакатлари юқори экспорт салоҳиятига эга эканлиги таъкидланди. Маҳсулот қўшни мамлакат талабига қараб ишлаб чиқарилиши кўзланган мақсадга эришишга ёрдам берадиган муҳим омилдир.
Mangold Consulting президенти Клаус Манголд таъкидлашича, инсонларга сармоя киритиш ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Кичик ва ўрта бизнес фақат такомиллаштирилган логистика билан ривожланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Европа бозорига чиқиш учун транспорт йўналишларини такомиллаштираётганини таъкидлаб, ёшларга ўз устида ишлаб, соҳа ривожига ҳисса қўшишларини тилади.