24 март куни Тошкент инвестиция форуми доирасида «Қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш» мавзусида панел мунозараси бўлиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон саноатининг устувор стратегик тармоқларидан бири – фойдали қазилмалар, хусусан, мис, олтин, кумуш, цинк, фосфатлар, нодир тупроқ металлари калийи ва бошқа минералларни қазиб олишдир. Шу нуқтаи назардан, мунозара мавзуси янада долзарброқ аҳамият касб этади.
Панел мунозараси модератори – Александр Тарасенко, МДҲдаги KPMG вакили, ҳамкор
Спикерлар:
Азиз Воитов, Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва ташқаи савдо вазирининг биринчи ўринбосари;
Бобир Исломов, Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси;
Нарзулло Обломуродов, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси;
Жўрабек Мирзамаҳмудов, «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқармаси раиси;
Абдулла Азизов, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати бошқармаси раиси ўринбосари;
Алексей Шаймарданов, Навоий тоғ-металлургия комбинати АЖ бош директорининг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари;
Франко Адами Карбонара, Terranova SRL тижорий директори ва раҳбарлик қўмитаси аъзоси.
Ўзбекистонда дастлабки қайта ишлаш маҳсулотларининг хилма-хил турлари кенг ассортиментда қазиб олинади ва ишлаб чиқарилади, кейинчалик технологик цикл якунида у рақобатбардош якуний маҳсулотни ишлаб чиқариш учун яхши хомашё бўлиб хизмат қилиши мумкин. Кўплаб секторларнинг юқори технологик трансформацияси келажакда ишлаб чиқариш географияси ҳамда қўшимча қиймат жамланган марказлар ўзгаришига олиб келади. Ишлаб чиқариш жараёни аввалгига нисбатан камроқ қувват, материал ва меҳнат талаб қилиши, арзон ишчи кучидан фойдаланиш қисқариши кутилмоқда.
Мунозара давомида мавжуд ишлаб чиқаришлар самарадорлигини ошириш бўйича чораларга тўхталиб ўтилди, шунингдек, амалга ошириладиган лойиҳалар қисқача кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов:
– Ўзбекистон табиий бойликлар ишлаб чиқаришда етакчи мамлакатлар қаторига киради.
Қимматбаҳо металлардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун 22 ҳудудда Эркин иқтисодий зоналар ташкил қилинган. Бу ҳудудларда исталган хорижлик инвесторлар ўз инвестицияларини киритишлари ва имтиёзли шароитларда фаолият олиб боришлари мумкин. Эркин иқтисодий зоналарда бизнесни йўлга қўйиш учун барча шароитлар яратилган.
Мунозара давомида тармоқ қўмиталар вакиллари ҳам чиқиш қилиб, қўшимча қийматга эга маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган чоралар ва эришилган натидалар ҳақида сўзлашди.
– Ўзбекистон геологик жиҳатдан 40 фоиз ўрганилган мамлакат ҳисобланади, – таъкидлади Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобир Исломов. – Яна 60 фоиз геологик ҳудудларда ўрганишлар олиб боришимиз керак бўлади. Бунинг учун узоқ муддатли дастур ишлаб чиқилган. Президентимиз томонидан геологик ўрганишларни олиб бориш учун бир қанча қарорлар имзоланган. Улар қандай амалга оширилиши бўйича ишларнинг барчаси шаффоф бўлиб, тармоқларга жойлаштирилади. Шунингдек, келгусида амалга оширадиган ишларимиз беш йиллик Тараққиёт стратегиясида аниқ белгилаб берилган. Режа бўйича биз геологик ишларимизни 2 баравар оширамиз. Шунчаки қазиб олмасдан, заҳира яратишни мақсад қилганмиз. Шу йўналишда келгусида 150 минг олтин захиралари, 300 мингдан ортиқ тонна мис захираларини яратишни режалаштирганмиз. Мамлакатимиз инвестор томонидан таклиф қилинадиган тоғ-кон соҳасидаги мега лойиҳаларга тайёр. Бу борада хорижликлар фаолиятини олиб бориши учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Мунозара доирасида Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати АЖ бошқарма раиси ўринбосари Абдулла Азизов чиқиш қилди.
– ОТМК 100 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарувчи жаҳондаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчилардан бири саналади, – таъкидлади А. Азизов – Биз йиллик мис ишлаб чиқариш ҳажмини 109 тоннадан 140 тоннагача етказдик ва бу катта ўсиш ҳисобланади. Электрмобилларнинг оммалашиши эвазига мисга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Прогнозларга кўра, келгусида мис ва темир рудасини қайта ишлаш бўйича Ўзбекистон биринчи ўринга чиқади. Лекин биз рекорд ўрнатиш эмас, янги конларни очишни мақсад қилганмиз.
Тадбир доирасида қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун капитал ва илғор технологияларни жалб қилиш чора-тадбирларига алоҳида тўхталиб ўтилди, хусусан давлат-хусусий ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Мунозара доирасида фойдали қазилмаларни қазиб олишдан қўшимча қийматга эга маҳулотларни ишлаб чиқаришга ўтиш борасидаги имкониятлар, экологик муаммолар ва ресурсларнинг чекланганлиги соҳага қандай таъсир кўрсатаётгани, қандай стратегия ва технологиялар мавжуд янги ишлаб чиқариш конларини очиш ва самарадорликни оширишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.